15.01.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖ корхонаси раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан чора-тадбирлар режасига кўра маънавий-маърифий ҳамда маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ва туризм ташкил этилди.
Асосий байрам тадбири корхонанинг фаоллар залида “Қудратинг юксалсин, менинг армиям!” шиори остида бўлиб ўтди. Унда Қарши санъат ихтисослаштирилганган мактаби ёш ижодкорлар оркестри ижросида янграган ватанпарварлик руҳидаги тантанали наволар кимёгарларга байрам кайфиятини улашди. Тадбир давомида сана муносабати билан Қашқадарё давлат университети катта ўқитувчиси Райхон Жуманазарова “Ватан – азиз, жасорат – мангу” мавзусида маъруза қилди. Шундан сўнг байрам дастури Деҳқонобод тумани маданият ходимлари ҳамда Санъат мактаби ёш ижодкорлар оркестри ижросидаги жонли куй-наволар билан давом этди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан корхона ходимлари “Ҳарбий қисмда бир кун” тадбирида фаол иштирок этдилар.
Ходимлар ҳарбийлар учун яратилган шароитлар, имконият ва имтиёзлар билан танишдилар ҳамда ҳарбий қурол-аслаҳаларни яқиндан кўриб, амалий машғулотлар чоғида улардан қандай фойдаланилиши ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбирлар режасига кўра “Мард ўғлонлар” кўрик-танлови ташкил этилди. Кўрик-танлов Низомга асосан жамиятнинг 40 ёшгача бўлган ходимлари ўртасида 5 та шарт асосида ўтказилди. Ҳайъат аъзоларининг хулосасига кўра 1-ўринни Холмурод Хушмаматов, 2-ўринни Ўткир Бегматов ва 3-ўринни Давлат Хайитов қўлга киритди.
Байрам муносабати билан корхонанинг бир гуруҳ ходимлари учун Ўзбекистоннинг қадим шаҳарларидан Бухоро ва Хива вилоятларига 3 кунлик саёҳат ташкил этилди.
Шуни алоҳида айтиш керакки, Бухоро ва Хива шаҳарлари асрлар давомида ўзининг қадим ва бой тарихи билан дунё давлатлари ва халқларининг хайрат ва таҳсинига сазовар бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юртимизда туризм соҳасида ҳам тез суратларда ўсиш кузатилмоқда.
Бухоро ва Хива шаҳарлари тарихий аҳамияти жиҳатидан нафақат Ўзбекистонда балки дунё тамаддунида муҳим ўрин тутиши билан барчамизга ғурур бағишлайди.
Кимёгарлар Бухоро ва Хива шаҳарлари бўйлаб 3 кунлик саёҳат давомида кўҳна Бухоро ва Хива шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари, кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меъморий обидалари ва қадимий ёдгорликларни яқиндан кўриш имкониятига эга бўлдилар.
Бир сўз билан айтган ходимлар саёҳатдан бир олам таассуротлар билан қайтдилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси