18.01.2025. Касаба уюшма аъзолари ўзлари сайлаган вакиллардан фаоллик кутиш ва ҳисобот олишга ҳақли. Шу маънода 2025 йил касаба уюшмалари фаолияти учун муҳим палладир. Чунки, жорий йил барча бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилади.
Ушбу жараённи юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида жойларда ўқув-семинарлари, давра суҳбатлари ва муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай ўқув-семинарларидан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят кенгаши ва Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилди.
“Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишларини ўтказиш” мавзуида ўтказилган ўқув-семинарда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 105 нафар бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этдилар.
Иштирокчиларга тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Эркин Байниязов, ташкилий ишлар бўлими мудири Шоҳида Бегимқулова, Федерациянинг Сирдарё вилояти кенгаши бош мутахассиси Баҳтиёр Хайдаров, тармоқ касаба уюшмасининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Иномжон Шокиров томонидан мавзуга оид батафсил тушунтиришлар берилди.
Хусусан, ҳисобо-сайлов жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш, ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференцияларини ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни ўрнатилган тартибда тўғри расмийлаштириш бўйича билим ва кўникмалари мустаҳкамланди. Айниқса, ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференцияларида бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси ва таркибини сайлаш, бюллетенларни тўғри тўлдириш, саноқ комиссияси ва котибиятининг иш жараёни, юқори ташкилот Конференциясига делегатларни ҳамда тафтиш комиссияси раиси ва таркибини сайлашгача бўлган жараёнлар амалий мисоллар билан кўрсатиб берилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари томонидан ҳисобот-сайлов йиғилишларига оид масалалар бўйича берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати