24.01.2025. 2025 йил 24 январда Касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгашида амалий семинар ташкил этилди. Семинарда Бухоро вилоят прокуратураси, адлия бошқармаси, ички ишлар бошқармаси ва бошқа бир қатор давлат органлари вакиллари, шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатаётган корхона, ташкилот ва муассасалар ҳуқуқшунослари, тадбиркорлик субъектлари ва касаба уюшмаси ходимлари иштирок этди. Семинар “Бухоро вилоятида меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнат низоларига сабаб бўлаётган ҳолатларни таҳлил қилиш, ушбу низоларни адолатли ҳал қилиш ва келгусида олдини олиш учун аниқ чора-тадбирларни белгилаш” мавзусига бағишланди.
Семинарни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши раиси М. Олимов кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбир давомида меҳнат низолари бўйича суд амалиёти, мавжуд муаммолар ва таклифлар юзасидан фикр алмашилди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлов судьяси И. Тошов ва вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси меҳнат инспекцияси бошлиғи Ш. Раджабов ўз маърузаларида меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳамда мавжуд муаммолар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Қайд этилганидек, Бухоро вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида меҳнат муносабатларига оид жами 829 та фуқаролик иши кўрилган. Бу кўрсаткич 2023 йилдаги 615 та ишга нисбатан 214 тага ёки 25,8 фоизга ошган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати