24.01.2025. Булунғур туманининг олис ҳудуди “Ф. Юлдош” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Касаба уюшмаларининг 120 йиллиги”, Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ва Захириддин Мухаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан маданий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш ходимлар касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ф. Ханапияев, вилоят кенгаши раиси ўринбосари А. Абдусаидов, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Д. Тошбоев, туман ҳокими С. Астонов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, тадбир иштирокчиларини табриклашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи ва соҳада бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритишди. Шунингдек, Алишер Навоий ва Захириддин Мухаммад Бобур ижодиётидан газаллар ўқилди.
Тадбир иштирокчиларига вилоят кенгаши ва туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, вилоят кенгаши томонидан Хоразм вилоятига ташкил этиладиган саёҳатларда иштирок этиш учун сертификатлар тақдим этилди.