24.01.2025. Бу йил касаба уюшмалари ҳаётида муҳим давр, яъни сўнгги 5 йиллик фаолият сарҳисоб қилинади.
Барча бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳисобот-сайлов конференциялари ўтказилиб, ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар таҳлил қилинади, фаолиятда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишларга урғу берилади ва устувор вазифалар белгилаб олинади. Шунингдек, бошланғич касаба уюшма раислари сайлови ҳам бўлиб ўтади. Қизиқарли жиҳати шундаки, бу йилги сайловлар аввалгиларига қараганда тубдан фарқ қилади, яъни яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши томонидан туман ва шаҳар кенгашлари раислари ҳамда йирик бошланғич касаба уюшма ташкилоти раислари иштирокида ташкил этилган ўқув жараёнлари ҳисобот-сайлов конференцияларини юқори савияда ўтказиш масаласига бағишланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Хонобод” сиҳатгоҳида ташкил этилган ўқув жараёнларида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Аброр Отабоев иштирок этиб, конференцияларни ўтказиш тартибини қадамма-қадам тушунтириб беришди.
Ўқув жараёнлари давомида ҳисобот-сайлов конференциясини ўтказишдан тортиб, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисини ва таркибини сайлаш, бюллетен тўлдириш тартиби, саноқ комиссияси ва котибиятнинг фаолияти, вилоят конференциясига делегатларни ҳамда тафтиш комиссияси раиси ва таркибини сайлашгача бўлган жараёнлар амалий тарзда кўрсатиб берилди.