[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

29.01.2025. Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан бошқа кўплаб соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида юртимиз довруғини дунёга танитишга муносиб ҳисса қўшувчи спортчиларни тарбиялаш имкониятлари кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам мазкур жараёнларда фаол иштирок этиб, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, меҳнат жамоаларида ходимларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш йўналишларидаги ишларни амалга ошириб келмоқда. Худди шу мақсадларда иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида турли спорт мусобақалари, оилавий спартакиадалар, турнирлар ўтказиш билан бирга, касаба уюшмалари тизимида болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилиб, халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини юқори кўтарувчи спортчиларни етиштириш иларига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Юртимизда ёшларнинг сув спорти турларига бўлган қизиқиши ҳамда сув спорти турлари оммавийлигини ошириш, бу орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш, саралаш (селекция) ва мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада малакали мутахассислар ва ҳакамлар тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилган “Касаба уюшмалари сув спорти саройи” фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли мазкур мажмуа сув спорти ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида қурилган бўлиб, бу ерда профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар учун зарур шароитлар яратилган. Хусусан, 50 метрли бассейн ва 500 ўринли томошагоҳга эга катта залда халқаро миқёсдаги мусобақалар, терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун замонавий шароитлар мавжуд. Баландликдан сакраш ва кичик ҳавзаларда эса болажонларнинг сув спортини ўрганишлари учун имкониятлар яратилган. Иккинчи қаватда маъмурият ва мураббийлар хонаси, конференция зали, тренажёр хонаси ҳамда спорт шарҳловчилари учун махсус хоналар жойлашган.

Бир вақтнинг ўзида 100 нафар, бир кунда мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлган ушбу мажмуада бугунги кунда сув спорти билан шуғулланиш орқали меҳнат жамоалари, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари, ёшлар ва фахрийларнинг саломатликлари мустаҳкамланмоқда. Мажмуа негизида Сув спорти мактаби ташкил этилган бўлиб, Янги Ўзбекистон спортнинг ушбу тури бўйича етук спортчиларни тарбиялаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ушбу масканда сузиш буйича 140 нафар, синхрон сузиш бўйича 14 нафар, сувга сакраш йўналишида 13 нафар спортчи  шуғулланмоқда. Бу каби эзгу ишлар натижасида ўтган йилнинг ноябрь ойида Люксембургда бўлиб ўтган сузиш бўйича халқаро турнирда спортчимиз Комила Маҳмадиёрова 100 метр дистанцияда баттерфляй усулида сузиш бўйича 1-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, Касаба уюшмалари томонидан пойтахтимизнинг Яккасарой тумани махаллаларидаги кам таъминланган оилаларнинг 40 нафар аъзоси спортнинг ушбу тури билан бепул шуғулланиши учун шароитлар яратилган. Айни кунларда улар билан сувга сакраш бўйича Ўзбекистон тарихида илк бор XXXIII Ёзги Олимпиада ўйинларига лицензияни кўлга киритган касаба уюшмалари спортчиси, Халқаро тоифадаги спорт устаси Игорь Мялин машғулот ўтмоқда.

Куни кеча ушбу масканда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Спортни сев, спорт билан яша!” тарғибот-ташвиқот ва спорт тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад – меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали саломатликларини мустаҳкамлаш, касб касалликларининг олдини олишдир.

Тадбирда пойтахт касаба уюшмалари фаоллари, тармоқ касаба уюшмалари Тошкент шаҳар Кенгашлари ва бирлашган қўмиталари раислари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаолари, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар, спорт фахрийлари, маҳаллалар фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар.

Ишчи-ходимларни сузиш ҳавзасига кенг жалб этиш, хусусан, сув спорти турларини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турларига қизиқишини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир давомида иштирокчилар сув спорти саройидаги шарт-шароитлар ва имкониятлар билан танишар эканлар, уларга  сув ҳавзаси тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати