31.01.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти Кенгашида “Аёллар дафтари”нинг олтинчи босқичи бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди
Йиғилишда сўзга чиққанлар юртимизда олти йилдан буён оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кўмакка муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллаларда “Аёллар дафтари” йўлга қўйилгани маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳаётнинг турли синовлари туфайли қийналиб қолган юртдошларимизга давлат томонидан кўмак бериш, уларнинг ҳаётини изга туширишда муҳим рол ўйнаётганини алоҳида таъкидладилар. Хонадонбай ўрганиш асосида шакллантириладиган рўйхатга киритилган хотин-қизларга давлат маблағлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳисобидан ёрдам кўрсатилиши, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратилиши қайд этилди.
Таъкидлаш ўринлики, “Аёллар дафтари”нинг аввалги босқичларида кўмакка муҳтож хотин-қизларни рўйхатга киритиш учун бир неча ташкилотлар ходимларидан таркиб топган Ишчи гуруҳлар йил бошида хонадонма-хонадон ўрганиш ишларини олиб борган бўлса, эндиликда бу ишни “маҳалла еттилиги” тегишли сектор вакиллари билан биргаликда амалга оширмоқда. Еттилик таркибида аҳолининг турмуш даражасини ўрганиш имкониятига эга тегишли соҳалар вакиллари фаолият олиб бормоқда. Жиззах вилоятида рўйхатни шакллантириш ишлари 5 январдан бошланиб, 30 январгача давом этди. Ушбу жараён бўйича касаба уюшма ташкилотлари томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилмоқда.
Шунингдек йиғилишнинг 2-қисмида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги Низом талаблари асосида ҳисобот-сайлов конференцияларини ўтказиш” мавзуидаги ўқув семинари ўтказилди. Унда мазкур муҳим жараёнга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш, йиғилиш ва конференцияларни олиб бориш тартиби, қўмита аъзоларини сайлаш жараёни, ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, комиссия аъзоларининг вазифалари ва дублёрлар тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси бошлиғи Кобилжон Қиргизалиев батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати