[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

31.01.2025. Маълумки, бу йил Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил топганганига 120 йил тўлади. Шу муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамда Республика тармоқ касаба уюшмаларининг вилоят Кенгашлари билан ҳамкорликда вилоят бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилоят Кенгашининг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирокида вилоят Ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Аброр Отабоев ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаб уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Шоҳидахон Каримовалар томонидан касаба уюшмаларининг ташкил этилишидан бошлаб бугунги кунга қадар олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида йиғилганларга маълумотлар берилди.

Тарихий маълумотларга кўра, ўлкадаги илк касаба уюшмалари 1905 йилда темир йўл ишчилари ва алоқа ходимлари томонидан ташкил этилган. Ўша даврда ҳам ишчи-хизматчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига лаоҳида эътибор қаратилган.

Айтиш керакки, бугунги кунда ҳам мамлакатимиздаги туб ижобий ўзгаришлар жараёнида энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда. Хусусан, ижтимоий шериклик ва мулоқот тамойиллари асосида меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бунга охирги 8 йил давомида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида трипартизм шаклидаги ижтимоий шерикликнинг юқори босқичга кўтарилгани ҳам ёрқин далилдир. Бунинг натижасида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Федерация тизимида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди. Шунингдек, Малака ошириш институти, Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи, Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси, Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти ташкил қилинди.

Тизимда мавжуд 18 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи сони 107 тага етказилди. 2016 йилда касаба уюшмалари тизимида 17 та санаторий фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 32 тага етди. Жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи “Касаба уюшмалари сув спорти саройи” фойдаланишга топширилди. Яна бир муҳим жиҳат, охирги йилларда касаба уюшма аъзолари сони 7 миллион нафардан ошди.

Тадбирда шу каби олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди. Бундай тадбирлар вилоятдаги меҳнат жамоаларида давом этмоқда.

Шоҳсултон Тўхтаматов