31.01.2025. Навоий вилоятида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Навоий вилоят кенгаши тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари учун “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш” мавзуида амалий семинар ташкил этилди.
Унда тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ва цех касаба уюшмаси ташкилотлари раислари ҳамда мутахассислари иштирок этдилар.
Иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раиси Назира Тоғаева, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси Дилором Тошматова ва бир қатор мутахассислар “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги Низом талаблари асосида ҳисобот-сайлов йиғилишларини (конференциялари) ўтказиш тартиби, қўмита аъзоларини сайлаш жараёни, ҳужжатларни расмийлаштириш, қўмита аъзоларининг вазифалари ва дублёрлар ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.
Маълумки, 2025 йил касаба уюшмалари тизимида муҳим жараёнлар даври ҳисобланади. Яъни, ўтган 5 йиллик фаолият сарҳисоб қилиниб, галдаги долзарб вазифалар белгилаб олинади. Шу мақсадда барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари (конференциялари) ўтказилиб, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлрини ҳимоялаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил этилади. Шунингдек, фаолиятда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишларга урғу берилиб, галдаги устувор вазифалар белгилаб олинади.
Шу боис ўтказилган ўқув-семинарда ҳисобот-сайловларга тайёргарлик кўриш, ҳисобот-сайлов конференция ёки йиғилишларини олиб бориш тартиби, бошланғич касаба уюшмасининг сайланма органларини сайлаш, бюллетенларни тўғри тўлдириш тартиби, шунингдек, саноқ комиссияси фаолияти, конференцияларга делегатлар сайлаш тартиблари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Семинар иштирокчилари ҳисобот-сайловлар ўтказишнинг такомиллашган тизими жорий этилаётгани касаба уюшмалари фаолиятида янги босқични бошлаб беришини алоҳида қайд этдилар.
Ўқув-семинарлар доирасида жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигини муносиб нишонлаш борасида тармоқ касаба уюшмаси олдида турган вазифалар, амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан ҳам фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Қизғин мунозара ва муҳокамаларга бой тарзда ўтган ўқув-семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари