[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

07.02.2025. Тармоқ касаба уюшмалари уставларида барча даражадаги касаба уюшмалари органларининг ваколат муддатлари 5 йил этиб белгиланганидан келиб чиқиб, 2025 йилда навбатдаги ҳисобот-сайловлар ўтказилмоқда. 2020 йилда касаба уюшмалари аъзолари 5 млн. нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йил 1 январга келиб 7 млн. нафарга етди.

Ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференциялари бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятида муҳим воқелик бўлиб, ушбу жараёнда ҳисобот даврида касаба уюшмаси ташкилотининг эришган натижалари, шу билан бир қаторда, фаолиятни ташкил этишда мавжуд муаммолар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, келгусидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари белгиланади.

Бу эса бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарларидан ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференцияларига масъулият билан ёндошишни, умумий йиғилиш ва конференцияларни Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига, Федерация ва тармоқ касаба уюшмалари уставларига, тизимда амалда бўлган меъёрий ҳужжатларга қатъий риоя этган ҳолда ўтказилишини таъминлашни, ҳисобот-сайлов конференцияси ҳужжатларини ўрнатилган тартибда расмийлаштиришни талаб этади.

Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарларига услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бошланғич ташкилотларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари (конференциялари)ни ўтказиш юзасидан тавсиялар тўплами ишлаб чиқилди ва амалиётда фойдаланиш учун барча даражадаги касаба уюшмаларига етказилди.

Жорий йилнинг 27–31 январь кунлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши ва тармоқ касаба уюшмалари томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш” ўқув-семинарлари ташкил этилди. Ўқув-семинарларида 2100 нафардан ортиқ бошланғич ташкилот раислари иштирок этди.

2025 йил 5 февраль куни Ғиждувон туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятида бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси ҳамда жамоа шартномаси муҳокамаси ўтказилди. Мазкур конференцияда Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг бош юрисконсульти Р. Худойбердиев, Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилоят кенгаши раиси Ў. Тангриев ва вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Хамиджон Бешимов иштирок этдилар.

Жамоада 1247 нафар касаба уюшма аъзолари мавжуд бўлиб, ҳисобот-сайловларнинг дастлабки йиғилишлари корхона цех жамоаларида ўтказилиб, бошланғич ташкилот конференциясига делегатлар сайланди. Корхона жамоаси номидан сайланган 50 нафар делегат иштирокида ўтказилган ҳисобот-сайлов конференцияси жуда қизғин ва музокараларга бой бўлди.

Конференцияда дастлаб жамоа шартномасининг 2024 йилдаги ижроси бўйича корхона директори Нурали Боқиевнинг ҳисоботи тингланди. Иш берувчи йил давомида ходимларга меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилганлиги, барча ходимлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, ходимларни иш стажига қараб рағбатлантириш, босқичма-босқич ўқитиш, корхонада бепул овқатланиш ташкил этилганлиги ва махсус кийим-бошлар билан таъминланганлигини рақамларда айтиб ўтди.

Ўз навбатида, касаба уюшмасининг жамоа шартномаси бандларининг бажарилишида олиб борган ишлари, экспертиза комиссиясининг жамоа шартномаси ижроси бўйича ҳисоботлари тингланди. Конференция делегатлари томонидан жамоа шартномасига киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан таклифлар билдирилди. Жумладан, иш берувчиларга йигирув-тўқув цехларида ишлаётган хотин-қизларга имтиёзларни кўпайтириш, касаба уюшма қўмитасига хотин-қизлар ўртасида спортнинг оммавий турлари бўйича мусобақаларни мунтазам ўтказиш, тармоқ касаба уюшмаларига бошқа тўқув корхоналари жамоалари билан ўзаро беллашувларни мунтазам ташкил этиш таклифлари билдирилди.

Конференцияда касаба уюшма қўмитаси раислигига номзодлар муқобиллик асосида кўрсатилиб, корхона ходимаси Ирода Тўхтаева касаба уюшма қўмитаси раислигига, корхона тўқувчиси Зухро Ахмедова касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссияси раислигига сайланди.