11.02.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан “Икки буюк сиймо: маънавиятимиз сарчашмалари” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар ва кўрик-танловлар ўтказилди.
“Maxam-Chirchiq” АЖда ўтказилган адабий-бадиий кеча буюк бобокалонларимизнинг ҳаёти ва ижодига бағишланди. Тадбирда ходимлар томонидан Алишер Навоий ва Бобур ижодидан намуналар ўқиб берилди, шунингдек, корхона “Кимёгарлар” саройи ансамбли ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, ёш ходимлар ўртасида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш мақсадида пойтахтимизнинг **“Адиблар ҳиёбони”**га саёҳат ташкил этилди ва “Буюк сиймоларни ёд этиб” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тармоқ тизимидаги “Навоийазот” АЖ ходимлари ўртасида “Икки буюк сиймо: маънавиятимиз сарчашмалари” мавзусида кўрик-танлов ташкил этилди. Унда 18 нафар иштирокчи таништириш, ғазалхонлик маҳорати ва саҳнавий кўриниш шартлари бўйича ўз иқтидорларини намоён этдилар.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар ғолиб деб топилдилар:
- 57-цех ходимлари Насиба Синдарова ва Мафтуна Қосимова,
- 33-цех мутахассислари Ёрқиной Тошниёзова ва Феруза Нарзуллаева,
- 23-цех ходими Зарнигор Жумаева,
- 917-цех ходими Нигора Ибодуллаева.
Корхона касаба уюшмаси қўмитаси томонидан танлов ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.
Тармоқ тизимидаги “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖда ҳам буюк мутафаккир, сўз мулки султони Алишер Навоий ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан “Икки буюк сиймо: маънавиятимиз сарчашмалари” мавзуси доирасида маънавий-маърифий тадбирлар юқори завқ билан ўтказилди.
Адабий кечада барча бўлим ва цех ходимлари иштирок этдилар, шунингдек, ходимлар томонидан буюк мутафаккирлар ижодидан ғазаллар ва рубоийлар ўқиб берилди. Шунингдек, ходимларнинг адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, бобокалонларимизнинг ҳаёт ва ижодига бўлган ҳурматни юксалтириш мақсадида “Китоб совға қиламиз” акцияси ҳамда “Мозийга қайтиб” мавзусида миллий либослар куни ташкил этилди. **“Ғазалхонлик ҳафталиги”**да фаол иштирок этган ходимлар ташкилотчилар томонидан эътироф этилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси