12.02.2025. Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошланғич касаба уюшмаси ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда Республика кенгаши раиси ўринбосари О. Исмоилов, корхона директори ўринбосари Э. Суюнов ҳамда бошқа масъул шахслар иштирок этди.
Конференция Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Бош кенгашининг 2024-йил 21-декабрдаги ИХ-3-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги Низом талаблари асосида ташкил этилди.
Йиғилишда дастлаб, касаба уюшмаси қўмитасининг 2020-йил февралдан 2025-йил февралгача бўлган фаолияти юзасидан қўмита раиси ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари тингланди. Муҳокамалар давомида қўмита фаолияти қониқарли деб баҳоланди, шунингдек, тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.
Сайланган 48 нафар делегатлар томонидан касаба уюшмаси қўмитаси раислигига икки нафар номзод кўрсатилди. Яширин овоз бериш асосида ўтказилган сайлов натижаларига кўра, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб Малик Муллажонов қайта сайланди.
Йиғилиш давомида касаба уюшмаси қўмитаси таркиби ва тафтиш комиссияси аъзолари сайланди, шунингдек, юқори касаба уюшмаси ташкилоти конференциясига делегатлар танланди.
Муҳокамалар давомида сўнгги йилларда корхона касаба уюшмаси қўмитаси фаолияти тамомила янги босқичга чиққанлиги таъкидланди. Жумладан:
- Иш жараёнида вафот этган ходимларнинг оилалари доимий равишда қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
- Устозлар ва фидоий ходимларга доимий эътибор қаратилаяпти.
- Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга катта аҳамият берилмоқда.
- Маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, шунингдек, саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Конференция делегатларини кутиб олиш жараёнлари байрамона тарзда ўтказилди. Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитаси фаолияти бўйича тайёрланган 30 дақиқалик видеоролик намойиш этилди, унда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар тўлиқ акс эттирилди.