13.02.2025. “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Фарғона “ИЭМ” филиали бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда цех ташкилотларидан сайланган 78 нафар делегатнинг барчаси иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари О.Исмоилов иштирок этиб, мамлакатимизда касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги кенг нишонланиши хусусида алоҳида тўхталди.
Конференция кун тартибига кўра қўмитанинг 5 йиллик фаолияти бўйича қўмита раиси ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари тингланди ҳамда муҳокама қилинди. Бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолияти қониқарли баҳоланиб, делегатлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан «Фарғона иссиқлик электр маркази» касаба уюшмаси қўмитаси раиси лавозимига Отабек Миллабоев қайта сайланди.
Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитасининг раиси ва таркиби, тафтиш комиссияси таркиби ва раиси ҳамда “ИEС” АЖ бирлашган касаба уюшмаси ташкилотининг конференциясига делегатлар сайланди. Конференция якунида касаба уюшма ташкилотининг келгусидаги фаолияти юзасидан устовор вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати