13.02.2025. 2025 йил 12 февраль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши мажлислар залида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши аппарати ходимлари иштирокида 2023-2025 йиллар учун қабул қилинган жамоат шартномасининг 2024 йилда бажарилиши юзасидан ҳисобот-сайлов мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда 2024 йилда жамоат шартномасининг бажарилиши бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси в.в.б. М. Данияров ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б. Утепбергеновнинг ҳисоботлари тингланди ҳамда жамоат шартномасининг бажарилиши бўйича назорат комиссиясининг далолатномаси билан таништирилди. Кун тартибидаги масала мажлис иштирокчилари томонидан муҳокама қилиниб, йиғилиш қарори билан жамоат шартномасининг 2024 йилда бажарилиши қониқарли деб топилди ва йиғилиш ёпиқ деб эълон қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси устави ва Қорақалпоғистон Кенгашининг низомига асосан касаба уюшма органи 5 йил муддатга сайланиши белгиланганлиги ва бу муддат 2025 йил февраль ойида тамомланиши муносабати билан Кенгаш касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши очиқ деб эълон қилинди.
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Кенгаши ҳисобот-сайлов конференциясига делегат сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши бошланғич касаба уюшма қўмитасининг 2020 йил февралдан 2025 йил февралгача бўлган фаолияти якунлари ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги олдинги вазифалар тўғрисида қўмита раиси Бекполат Утепбергенов ҳамда тафтиш комиссияси аъзоси Камилжан Утениязовнинг ҳисоботлари тингланди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан ҳисобот танқидий нуқтаи назардан муҳокама қилиниб, сўзга чиққанлар фикр ва таклифлар билдирдилар. Натижада 2020 йил февраль—2025 йил февраль ойлари оралиғида Кенгаш касаба уюшмаси қўмитасининг фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.
Сайловларга келганда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг 2024 йил 21 декабрдаги IX-3-сонли «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида қўмита раиси муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан, қолган масалалар эса очиқ овоз бериш йўли билан ҳал этилиши мақулланди.
Яширин овоз бериш натижасига кўра, Кенгаш меҳнат техник инспектори Утепбергенов Бекполат Алланазарович 5 йил муддатга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайланди.
Шундан сўнг, очиқ овоз бериш йўли билан қўмита аъзолари, тафтиш комиссияси таркиби ва раиси, шунингдек, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Кенгаши ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайланди.
Кун тартибидаги масалалар тўлиқ кўриб чиқилди. Йиғилиш бошқарувчиси йиғилишнинг ўтиши бўйича иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазаларини сўради. Ҳеч қандай қўшимча фикр ва таклиф билдирилмагани сабабли, йиғилиш ёпиқ деб эълон қилинди.