17.02.2025. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети касаба уюшмаси қўмитасининг 2020-2025 йилларда амалга оширилган ишлари тўғрисида ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Тўхта Бозоров, Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари Нодир Деҳқонов ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов иштирок этди.
Ҳисобот-сайлов конференциясига белгиланган меъёрга мувофиқ факультет касаба уюшмалари ташкилотларидан жами 51 нафар делегат иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги низом талаблари асосида конференция ўз ишини бошлади.
Дастлаб, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ахназар Ҳасилбеков ҳисобот йилларида белгилаб олинган устувор йўналишлар асосида университет маъмурияти касаба уюшмаси билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талабаларнинг ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар тўғрисида ахборот берди. Шунингдек, тафтиш комиссияси раисининг батафсил ҳисоботи ҳам эшитилди.
Конференция делегатлари касаба уюшмаси қўмитасининг ўтган йиллардаги фаолиятини “қониқарли” деб топиб, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлади.
Шундан сўнг, конференцияда яширин овоз бериш йўли билан муқобиллик асосида сайлов ўтказилди. Делегатлар томонидан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети касаба уюшмаси қўмитаси раислигига янги раҳбар – Жаҳонгир Алладустов сайланди.
Конференция фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида ўтди.