19.02.2025. Жорий йилнинг 19 февраль куни Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон вилоят филиалида 2023–2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши якунлари бўйича меҳнат жамоасининг ҳамда касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.
Конференцияда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари Республика кенгаши раиси Ф. Ханапияев, ташкилий ишлар бўйича бош мутахассис Д. Тошматова, вилоят кенгаши раиси А. Арзиев иштирок этди.
Меҳнат жамоасининг конференциясида 2023–2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши бўйича Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон вилоят филиали директори А. Мамадиев ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси М. Турдиева ҳисобот берди. Делегатлар томонидан жамоа шартномаси бандларининг 2024 йилда бажарилиши “қониқарли” деб баҳоланди. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия далолатномаси тасдиқланди.
Жамоа шартномасига ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтирувчи меъёрлар, иш ҳақи миқдорини оширишни назарда тутувчи бандлар, иш вақти ва дам олиш вақти соҳасида қўшимча имтиёзлар, ижтимоий ҳимояни кенгайтириш чоралари киритилгани натижасида уларни бажариш учун ҳар бир ходимга ўртача сарфланган маблағ 10 млн 115 минг сўмни ташкил этгани таъкидланди.
Шундан сўнг касаба уюшма қўмитасининг 2022 йил декабрдан 2025 йил февралигача бўлган даврдаги фаолияти муҳокама қилиниб, унинг фаолияти қониқарли деб топилди ҳамда тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.
Кун тартибига мувофиқ сайлов муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб Турдиева Мавлюдахон Ривожидиновна қайта сайланди. Шунингдек, қўмита таркиби, ҳар бир қўмита аъзоси учун дублёрлар, касаба уюшма раиси билан меҳнат шартномасини имзолаш ваколати, тафтиш комиссияси таркиби ва раиси тасдиқланди. Шунингдек, юқори касаба уюшмаси ташкилотининг конференциясига делегат сайланди.
Конференцияда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ф. Ханапияев томонидан тармоқ келишуви, ҳудудий келишув ҳамда жамоа шартномаларига киритиш орқали белгиланган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, меҳнат муҳофазаси ва ходимлар учун хавфсиз ҳамда қулай шароит яратиш мақсадида олиб борилаётган тизимдаги ислоҳотлар тўғрисида маъруза қилинди. Шунингдек, касаба уюшмасига аъзоликнинг афзалликлари ва касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи, тузилма томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқ ва натижалар ҳақида тўхталиб ўтилди.