20.02.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилей байрами муносабати билан Самарқанд вилоят Ёшлар марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви, очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари ва тизимида фаолият олиб бораётган 80 нафар ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 14 февраль куни ёшлар билан учрашувида белгилаб берилган вазифалар, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган улкан имкониятлар ҳақида сўз юритиб, ёшларни бундай имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Учрашув давомида ёшлар касаба уюшмалари фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Учрашув сўнгида бир қатор фаол ёшларга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари, китоблар ҳамда Хоразм вилоятига ташкил этиладиган уч кунлик бепул саёҳат сертификатлари тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши тасарруфига кирувчи корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилди.
Хусусан:
– 2 971 нафар ёшлар учун ўз ҳудуди ва тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилди.
– 956 нафар ёшларнинг театрларда ташкил этилган спектакллар томошаларига, 430 нафар ёшларнинг музейларга, 134 нафар ёшларнинг концерт дастурларига ташрифлари уюштирилди.
– 35 ёшгача бўлган 21 нафар болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.
– Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 26 нафар ёшларнинг ота-оналарига, 10 нафар ёшларнинг соғлиғини тиклаш учун имтиёзли санаторий йўлланмалари ажратилди.
– Касаба уюшмалари томонидан 355 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.