[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

05.03.2025. Ишчи хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор.  Улар иштирокида меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, ижтимоий ёрдам ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” мамлакатимизнинг йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Бу ерда 3 ярим мингдан ортиқ ишчи ходимлар  меҳнат қилишади. Мажмуада ўтказилган касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг  ҳисобот-сайлов Конференциясида  ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иш берувчи ва касаба уюшмаси ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида ўтган 5 йиллик ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Шунингдек, ишчиларнинг  ойлик маошларини ўз вақтида олишлари, ходимларни ўқитиш, касбга қайта тайёрлаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, касаначиликни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва маънавий-маърифий ишларни  ташкил этиш масалалари  бўйича 5 йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида корхона касаба уюшма қўмитаси раиси меҳнат жамоаси олдида ҳисобот берди.

Таъкидлаш зарурки, ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, хотин-қизлар ва ёшлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги ходимларнинг хуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат фахрийларини  ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам самарали  ишлар олиб борилди. Шунингдек, 208 нафар ходимни бошқа касбга ўқитиш орқали иш билан таъминлашга эришилди, бунинг натижасида штатлар қисқартирилишининг олди олинди. Бундан ташқари жамоа шартномасига мувофиқ ходимларнинг имтиёзли равишда марказий клиника ва санаторийларда соғлиқларини тиклашлари учун шароит яратиб берилди.

Конференцияда  касаба уюшмаси ташкилоти эришган натижалар билан бирга йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик, эътибор кучайтирилиши зарур бўлган йўналишлардаги ишлар сифатини янада ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Муқобиллик асосида ва яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда касаба уюшма қўмитасига янги раис ва раис ўринбосари сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлинмасининг ҳисобот-сайлов Конференциясига делегатлар  сайлаб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати