[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

05.03.2025. Ўтган йилнинг ёзида Гулистон шаҳридаги йирик ташкилотлардан бирида меҳнат қилувчи ходимлар иш вақтида гуруҳий бахтсиз ҳодисага учрадилар. Натижада бир киши оғир жароҳатланиб, икки киши вафот этди. Ҳодиса юзасидан текширишлар ўтказилган, айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Комиссия хулосасига кўра ҳолат ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиб, жабрланувчиларнинг қарамоғидагиларга қонунларда белгиланган тартибда тўловлар тўлаб бериш ташкилот зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 321-моддасига кўра  иш вақтида ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етса, иш берувчи зиённинг ўрнини қоплаши зарур. Бироқ, орадан беш ой ўтса-да, ташкилот раҳбарияти вафот этган ва жабрланганларнинг қарамоғидагиларга бир йўла нафақа ҳамда зарар пулларини тўлаб бермаган.

Жабрланувчиларнинг оила аъзолари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгашига мурожаат қилдилар. Уларнинг  манфаати йўлида Кенгаш томонидан фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво аризалари киритилди.

Дастлаб биринчи жабрланувчининг қарамоғида бўлган беш нафар вояга етмаган фарзандлари манфаатида касаба уюшмаси томонидан киритилган аризалар кўриб чиқилди.

Суд мажлисида даъвогар, касаба уюшмаси вилоят Кенгаши вакили бахтсиз ҳодиса юзасидан ҳар жиҳатдан текшириш ўтказилганлиги, жабрланувчига етказилган зарар ва нафақа пуллари иш берувчи томонидан тўланмай, меҳнат қонунчилиги бузилганлигини маълум қилиб, даъво қаноатлантирилишини сўради.

Суд даъво аризасини қаноатлантирди. Жабрланувчининг оиласига бир йўла бериладиган нафақа пули ва ойлик тўловдан қарздорлик, жами 197 миллион 733 минг 957 сўм ундириш даъвоси суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилди.

2025 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган судда эса иккинчи жабрланувчининг оила аъзолари манфаатлари йўлида касаба уюшмаси томонидан киритилган даъво аризалари кўриб чиқилди.

Иккинчи жабрланувчининг оила аъзолари томонидан касаба уюшмалари вилоят Кенгашига келган мурожаатда маълум қилинишича, марҳумнинг олти йиллик ўртача ойлигидан кам бўлмаган миқдорда бир марта бериладиган нафақа ҳамда ойма-ой зарар пулларини белгиланган тартибда расмийлаштириш иш берувчи зиммасига юклатилган. Шунга қарамай ташкилот бу масалага бефарқ қараб келган.

Суд иш материаллари билан танишиб чиқиб, ҳужжатларда тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо берди ва даъво аризасини қаноатлантирди. Жавобгардан марҳумнинг оила аъзолари фойдасига жами 386 миллион 299 минг 204 сўм ундириб берилди.

“Қонунни билган қоқилмас” дейдилар. Агар иш берувчи қонунни яхши билганида эди, анча-мунча оворагарчиликларнинг олди олинган, қанча одамларнинг вақти тежалган бўларди.

А. Ҳакимов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши меҳнат техник инспектори