07.03.2025. 6-март куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгашида 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлга эҳтиром” мавзусида маданий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар аёлларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамият келажагини белгилаб берувчи куч эканлиги, юртимизда хотин-қизлар учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритдилар. Шунингдек, касаба уюшмалари тизимида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш орқали Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссалари эътироф этилди.
2025-йил 1-январ ҳолатига кўра, Тошкент вилоятидаги 3 118 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида 544 039 нафар аъзо мавжуд бўлиб, уларнинг 256 510 нафари аёллардир.
Тошкент вилояти бўйича 2025-йил 1-январ ҳолатига маҳаллий ҳокимликлар, ҳомийлар ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан жами 129 649 нафардан ортиқ хотин-қизларга моддий ёрдам (дори-дармон, даволаниш, коммунал тўловлар ва бошқа тўловлар) ажратилди. Шунингдек, 1 197 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.
Жамоа шартномаларининг “Аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлимидаги бандларнинг ижроси иш берувчилар ва касаба уюшмалари томонидан таъминланиб, Меҳнат кодексининг 409-моддаси асосида 841 нафар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл учун ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган иш вақти белгиланди. Шунингдек, 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 1 554 нафар ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди.
Ишловчи хотин-қизларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида 2024 йил давомида санаторийларга ижтимоий суғурта бюджети ҳисобидан 2 073 дона йўлланма (шундан 230 нафари бепул) ҳамда касаба уюшмаси бадали ҳисобидан 248 дона йўлланма ажратилди.
Шунингдек, корхона ва муассасалардаги 15 174 нафар хотин-қиз учун касаба уюшмалари томонидан Хива ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди.
Ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024-йил давомида хотин-қизлардан 106 та ёзма ва 8 та электрон мурожаат келиб тушган бўлиб, 101 нафарининг ҳуқуқи тикланди ҳамда амалий ёрдам кўрсатилди. 5 нафар мурожаат эса тегишли органларга юборилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши тизимидаги бошланғич ташкилотларда фаолият юритаётган 120 нафар хотин-қизга табрикнома ва эсдалик совғалари топширилди.