14.03.2025. Фарғона вилояти солиқ органлари ходимлари бирлашган касаба уюшма ташкилотининг амалдаги жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши ва 2025 йилга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб, иш берувчи номидан Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшоджон Раҳимов ва Фарғона вилояти солиқ органлари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Бахтиёр Тоштемировнинг ҳисоботлари ҳамда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг далолатномаси ўқиб эшиттирилди.
Делегатлар бир овоздан бирлашган касаба уюшма қўмитасининг 2024 йилдаги фаолиятига юқори баҳо бердилар.
Шу куни Фарғона вилояти солиқ органлари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси ҳам бўлиб ўтди. Унда касаба уюшма қўмитасининг ўтган 5 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди.
Қўмита раиси Бахтиёржон Тоштемиров 2020-2025 йиллар давомида жамоа шартномасида белгиланган бандларга кўра, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш, тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш, кўмакка муҳтож ходимларга ёрдам қўлини чўзиш каби масалалар касаба уюшма ва маъмуриятнинг алоҳида эътиборида бўлиб келганини таъкидлади.
Хусусан, ишчи-ходимлар имтиёзли йўлланмалар орқали турли сиҳатгоҳларда саломатликларини мустаҳкамладилар. Иш давомида намуна кўрсатган ходимлар моддий рағбатлантирилди. Ходимлар ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида мунтазам равишда спорт мусобақалари ўтказилди. Энг асосийси, бирлашган касаба уюшма қўмитаси ишдан озод этилаётган ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган 3 нафар ходимнинг ишдан бўшатилишига розилик берилмади.
Бир сўз билан айтганда, жамоа шартномасининг барча бандларининг бажарилишига эришилди. Қолаверса, иш берувчи билан ҳамкорликда аъзоларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратилди.
Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг олиб борган ишидан кўнгли тўлган делегатлар касаба уюшма қўмитасининг 5 йиллик фаолиятини қониқарли деб баҳоладилар. Шунингдек, касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссиясининг ҳисоботини ҳам бир овоздан маъқулладилар.
Шунингдек, касаба уюшма қўмитаси раислигига номзодлар кўрсатилди. Очиқ овоз бериш йўли орқали касаба уюшма қўмитаси раислигига, касаба уюшма етакчисининг олиб бораётган ишидан рози бўлган делегатлар Бахтиёр Тоштемировни қайтадан касаба уюшма қўмитаси раиси этиб сайлашди.
Конференцияда Фарғона вилояти солиқ органлари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси таркиби, касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссияси таркиби, касаба уюшма ташкилоти тафтиш комиссияси раиси ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши ҳисобот-сайлов конференциясига делегат сайланди.
Конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Абдуғаффор Салихов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, бу йил касаба уюшмалар ҳаракатига 120 йил тўлиши, унинг тарихи ва бугунги кундаги ўрни ҳақида йиғилганларга маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Расулжон Раҳимов ва Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшоджон Раҳимов ижтимоий шериклик доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.
Конференция якунида бир гуруҳ фаолларга касаба уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.