20.03.2025. Италияда бўлиб ўтган Пара сузиш бўйича Жаҳон серияси мусобақасида Навоий вилояти Спортнинг сув турларига ихтисослашган спорт мактаби спортчиси Сардор Бахтиёров юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 2 та олтин медални қўлга киритди.
Навоий шаҳрида ушбу ғалаба шарафига катта кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилоят кенгаши ҳамда вилоят сузиш федерацияси раиси Назира Тоғаева, Навоий вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Муртозаев ҳамда спортчи мухлислари иштирок этди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилоят кенгашида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят кенгашининг ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари раислари ва масъул ташкилотчилари, фаол ёшлар, спортчининг мураббийси ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Тақдирлаш маросимида вилоят сузиш федерацияси раиси Н. Тоғаева сўзга чиқиб, олтин медаллар соҳиби С. Бахтиёровни ва унинг мураббийсини юксак ғалаба билан табриклади ҳамда махсус совға — ноутбукни топширди. Шундан сўнг Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Бобоёров ҳам сўзга чиқиб, спортчининг кейинги мусобақалардаги иштирокига омад тилади ва эришилган ғалаба билан муборакбод этди.