[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

20.03.2025. Бугунги кунда мамлакатимизда Президентиз ташаббуслари билан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, бунинг учун зарур тузилмаларни шакллантириш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда тарихий ютуқларга эришмоқдалар. Хусусан, Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва Ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган бу каби ютуқлар Давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасига ва спортчиларга кўрсатаётган юксак эътиборлари самарасидир.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш, бу орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Мамлакатимиз бўйлаб Наврўз умумхалқ байрами кенг ншонланаётган шукуҳли кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида “Шахмат мактаби”нинг очилиши бу борада галдаги муҳим қадам бўлди.

Янги Ўзбекистонда шахматни янада ривожлантириш, меҳнаткашлар, шу жумладан ёшлар ўртасида шахматни оммавий ҳаракатга айлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган мазкур “Шахмат мактаби”нинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар Кенгаши, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси, Федерация тасарруфидаги “Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси” Масъулияти чекланган жамияти, Халқаро Шахмат Академияси мутасаддилари, шахмат соҳаси усталари, жамоатчилик вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги олдидан амалга оширилган ушбу хайрли лойиҳа натижасида шахмат ишқибозлари ушбу мактабда ақл гимнастикаси сирларини бепул ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда спорт соҳасини, шу жумладан, спортнинг шахмат турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларнинг шахмат бўйича иқтидор ва қобилиятларини намоён этишлари учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида шахматчиларимиз жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, ўзбек шахмати салоҳиятини бутун дунёга намоён этмоқдалар. Хусусан, 2024 йилда Халқаро шахмат Федерацияси рейтингида Ўзбекистон жамоаси 203 та давлат орасида 13-ўринни эгаллади ва мамлакатимизда халқаро гроссмейстерлар сонининг 30 нафарга етишига эришилди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган мазкур “Шахмат мактаби” ҳам аҳоли, айниқса, ўқувчи ёшлар ўртасида шахмат ўйинини кенг тарғиб этиш билан бирга, йигит-қизлар орасидан шахмат ўйинига қизиқувчи ёш иқтидорларни аниқлаб, қобилиятларини юзага чиқариш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, бу орқали улар орасидан кучли шаҳматчилар етишиб чиқишини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, спортнинг шахмат тури инсон ақлини чархлайди, тафаккурини ривожлантиради, фикр доирасини кенгайтириб, жисмоний фаоллигини оширишда ҳамда меҳнат самарадорлигини кучайтиришда салмоқли ўрин тутади. Шу маънода касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган мазкур “Шахмат мактаби” меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандлари учун ажойиб туҳфа бўлди.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юртимизда спортнинг шамат тури оммавийлигини ошириш бўйича яна бир қатор хайрли ишларни амалга оширишни режалаштирган. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудларидаги меҳнат жамоаларида “Шахмат клублари” ташкил этилади, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида ҳар йили шахмат бўйича туман-ҳудуд-республика босқичларидан иборат мусобақаларни ўтказиш кўлами янада кенгайтирилади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари