24.03.2025. Шеробод тумани “Олтин воҳа” маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Алибоева Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти Кенгашига иш берувчининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, мурожаат йўллади.
Шикоят аризасини масъуллар тегишли тартибда ўрганиб чиқишди. Маълум бўлишича, Г.Алибоева 2013 йил 16 майда Шеробод туманидаги 38-умумтаълим мактабига директор лавозимига тайинланган. 2024 йил 30 июль куни меҳнат таътилида бўлишига қарамай, иш берувчи уни чақириб олган ва шу куниёқ ундан гўёки ўз ихтиёри билан ишдан бўшаши ҳақида ариза ёзиб беришини талаб қилган. Бунга унинг қўл остидаги О.Бердиқулов устидантушган шикоят хати сабаб бўлган, яъни ўқитувчининг хатоси учун директор «чопилган».
Аммо бироз муддат ўтгач, тегишли тергов органлари «О.Бердиқулов ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ», деган қарорга келишади ва унга нисбатан қўзғатилган ишни тугатишади. Лекин ғишт қолипдан кўчиб бўлган, яъни директор ишдан бўшатилиб юборилган эди (Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Г.Алибоева билан тузилган меҳнат шартномасини МКнинг 157-моддасига асосан, 2024 йил 5 августда бекор қилган).
Аслида иш берувчи директор билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда қатор қонунбузилишларга йўл қўйган. Мажбуран ариза олингани шулар жумласидандир. Г.Алибоеванинг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Муҳокама жараёнларида фуқаро ишдан бўшаш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови билан ёзганини бот-бот таъкидлади ва адолат посбонларидан қонуний қарор чиқаришни сўради.
Суд тақдим қилинган ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқди ва Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2024 йил 5 августдаги буйруғини бекор қилди. Шу тариқа Г.Алибоева ўзлавозимига ишга тикланди ҳамда мажбурий бекор юрган кунлари учун унга 20 миллион 765 минг 462 сўм ойлик иш ҳақи, шунингдек, 5 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириб берилди.
Зариф Холов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилояти кенгашининг меҳнат ҳуқуқ инспектори