25.03.2025. Хабарингиз бор, касаба уюшмалари органларида ваколат муддатлари тугаши муносабати билан, февраль-апрель ойларида, цех, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида ҳамда бирлашган касаба уюшмалари қўмиталарида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференциялари ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Birinchi rezinotexnika zavodi” МЧЖ ХК касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.
Конференцияда “Birinchi rezinotexnika zavodi” МЧЖ ХК бош директори Ғуломжон Ибрагимов, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши раиси Сайёра Файзиева, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари Иброҳим Исоқов ва ишлаб чиқариш цехларидан сайланган делегатлар иштирок этдилар.
Конференцияга Республика кенгаши раисининг ўринбосари Иброҳим Исоқов раислик қилди.
Конференцияда ташкилотнинг 2020-2025 йилларда олиб борилган фаолияти юзасидан иш берувчи, касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари эшитилди.
Маърузалар ўз ниҳоясига етгач, муҳокамага ўтилди. Делегатлар томонидан касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот давридаги фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.
Конференция кун тартибига кўра ташкилий масала кўрилди. Унда яширин овоз бериш йўли билан муқобиллик асосида “Birinchi rezinotexnika zavodi” МЧЖ ХК бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси лавозимига кўпчилик овоз билан Алимов Диёр Абдумаликович сайланди. Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитасининг таркиби, тафтиш комиссияси таркиби ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг IV Қурултойига ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгашининг IX Конференциясига делегатлар сайлаб олинди.
Конференцияда меҳмонлар томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллигини муносиб ўтказиш бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Делегатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда келгусидаги фаолият юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси