28.03.2025. 25-март куни Андижон давлат университети Ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси ташкилоти томонидан 2020-йил февраль ойидан 2025-йил февраль ойига қадар амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.
Мазкур тадбирда таълим муассасамизнинг меҳнат жамоасидан 100 нафарга яқин касаба уюшмаси аъзоси иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти Кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири Ҳамидилло Матисаев олиб борди.
Йиғилишда Ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси қўмитасининг ўтган даврда эришган ютуқлари, амалга оширган ишлари ва фаолиятининг батафсил таҳлили, шунингдек, келгуси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳамда стратегик мақсадлар бўйича ҳисобот тингланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар университетда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб, амалга оширилаётган чора-тадбирлар меҳнат шароитларини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш билан бирга, иш унумдорлигини оширишга ҳам хизмат қилаётганини қайд этдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари Республика Кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Зафарбек Абдуллаев иштирок этди. У касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан касаба уюшмаларининг олдида турган устувор вазифалар, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий-иқтисодий шароитларни яхшилаш борасидаги муҳим масалалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, келгуси фаолиятни ривожлантириш учун зарур чора-тадбирлар ва стратегик йўналишлар ҳақида сўз юритди.
Кун тартибига асосан, қўмита аъзолари, тафтиш комиссияси аъзолари ва унинг раиси очиқ овоз бериш йўли билан сайланди. Касаба уюшмаси раиси сайлови эса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишлаб чиқилган Низомга асосан, муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилди.
Сайлов натижаларига кўра, Андижон давлат университети Ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида Ботиров Мирзабахром Абдуқаххорович қайта сайланди.