28.03.2025. Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгашида “Янги тузилган бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш” мавзусида ҳудудий семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Семинарни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов очиб берди.
Шундан сўнг Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас “Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида касаба уюшмалари фаолияти: ютуқлар ва муаммолар” мавзуида маъруза қилди. Нотиқ ўз сўзида дунё мамлакатларидаги касаба уюшмалари фаолиятига тўхталиб, Ўзбекистонда бу ташкилотнинг мавқеи тобора ошиб бораётганини эътироф этди.
ЎКУФ меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаевнинг Жамоа шартномаларини тузиш ва бажарилишини таъминлаш бўйича тавсиялари янги сайланган касаба уюшма қўмиталари раислари учун жуда фойдали бўлди. Шунингдек, Федерациянинг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Ғойибназарова меҳнатни муҳофаза қилиш борасида касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш масалалари қанчалик аҳамиятга эга эканлигини мисоллар билан уқтириб ўтди. Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Иномжон Шакиров эса Сирдарё вилояти пахта тўқимачилик кластерлари бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди. “Индорама агро” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Шерзод Алибоев бу маълумотларни янада бойитди.
Қизғин мунозаралар ва савол-жавобларга бой бўлган семинар иштирокчилари мавзуга оид ўзларини қизиқтирган барча масалалар хусусида тегишли маълумотга эга бўлдилар.
– Муқобиллик асосида илк бор касаба уюшма қўмитаси раислигига сайландим, – дейди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ “Ҳудудгаз Сирдарё” филиали касаба уюшма қўмитаси раиси Акмал Бобомирзаев. – Семинар биз учун ниҳоятда фойдали бўлди. Жуда кўп саволларимга жавоб олдим. Ишни қай йўсинда ташкил этиш йўл-йўриқлари содда тилда тушунтириб берилди. Ўз вақтида мазмунли ташкил этилган бундай семинарлар жуда зарур.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати