29.03.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Ammofos-Maxam” акциядорлик жамияти касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Даставвал Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова корхонада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган дарахт экиш маросимида иштирок этди. Шундан сўнг иштирокчилар корхонада ташкил этилган кўргазма билан танишдилар ҳамда тадқиқот иши олиб бораётган ёш ходимлар ва бўш вақтларида ҳунармандчилик билан шуғилланаётган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказдилар.
“Ammofos-Maxam” АЖ касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси ишида “Ammofos-Maxam” АЖ бошқаруви раиси Искандар Умаров, тармоқ Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова, Республика кенгаши раиси ўринбосари Иброҳим Исоқов, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Қудратжон Раҳимов ва ишлаб чиқариш цехларидан сайланган делегатлар иштирок этдилар.
Конференция давомида ташкилот касаба уюшмаси қўмитасининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти юзасидан иш берувчи, касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари эшитилди ва фаолият юзасидан муҳокама қилинди.
Делегатлар томонидан касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот давридаги фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.
Конференция кун тартибига кўра ташкилий масала кўрилди. “Ammofos-Maxam” АЖ касаба уюшмаси қўмитасининг амалдаги раиси Қ.Раҳимов бошқа лавозимга ўтаётганлиги муносабати билан ўз номзодини касаба уюшмаси қўмитаси раислигига қўймаслигини билдирди.
Корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси сайлови яширин овоз бериш йўли билан муқобиллик асосида ўтказилди. Якуний натижаларга кўра “Ammofos-Maxam” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб номзодлар орасида кўпчилик овоз олган Усманова Муҳаббат Каримовна сайланди.
Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитасининг таркиби, тафтиш комиссияси таркиби ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг IV Қурултойига делегатлар сайлаб олинди.
Конференция якунида тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова сўзга чиқди. У касаба уюшмаси қўмитасининг собиқ раиси Қудратжон Раҳимовнинг касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида олиб борган фаолиятини юқори баҳолаб, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ташаккурномасини топширди.
Нигора Алимджанова иштирокчиларга мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жорий йилда мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан меҳнат жамоаларида ўтказилаётган тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Делегатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда келгусидаги фаолият юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси