07.04.2025. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-103-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурор ўринбосари Д. Касимов, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов раҳбарлигида ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан Навоий вилоятига бириктирилган вакил, вилоят штаби раҳбари М. Бобоёров иштирокида “Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишининг 1-сонли баёни” ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов олиб борган йиғилишда барча масъуллар иштирок этди. Унда Навоий вилоятига бириктирилган вакил, вилоят штаби раҳбари М. Бобоёров сўзга чиқиб, вилоятда хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида ахборот берди.
Қайд этиш жоизки, ушбу қарорга мувофиқ, вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва уй-жой-коммунал соҳаларида 54 626 нафар хотин-қизларни даромадли меҳнат билан таъминлашга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланган.
Қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли бўлим ва бошқармалар, вилоятдаги ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари, барча туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда тижорат банклари раҳбарларига хотин-қизлар иқтисодий фаоллигини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар ва кўрсатмалар берилди, ижроси эса назоратга олинди.
Шу билан бирга, Навоий шаҳридаги “BARAKA NON NAVOIY” МЧЖда хотин-қизларни бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Корхона томонидан 150 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган бўлиб, корхона раҳбари жорий йилда яна 100 нафар хотин-қизни касбга ўқитиш ҳамда йил якунига қадар 50 ўринли тикув цехини ишга тушириш имкониятлари билан таништирди.
Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.