07.04.2025. Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Бугунги кунда филиалда 7 минг 139 нафар ишчи-ходим аҳолига тун-у кун хизмат кўрсатиб келмоқда. Сўнгги йилларда соҳада катта ўзгаришлар рўй берди. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди. Чақирув жойига тезроқ етиб бориш учун замонавий махсус автомашиналар харид қилинди.
Шу ўринда касаба уюшмалари ҳам ишчи-ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўлида зарур ишлар амалга ошириб келмоқда.
Ҳисобот-сайлов конференциясида Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали касаба уюшма қўмитаси раиси Ферузахон Ваҳобова дастлаб, касаба уюшма томонидан ўтган йилда ва сўнгги беш йил давомида амалга оширилган ишлар, ходимларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида қилинган ишлар юзасидан делегатларга ҳисобот берди.
Ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини тиклаш мақсадида 307 нафар ишчи-ходимга сиҳатгоҳларга йўлланмалар ажратилди.
Кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож 610 нафар ходимга касаба уюшмаси ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида 310 нафар ишчи-ходим фарзанди мароқли дам олди.
Ходимлар ҳар доим иш берувчи ва касаба уюшманинг эътибор марказида бўлди. Айниқса, ёрдамга муҳтожларга моддий кўмак кўрсатилди. Шу билан бирга, тизимда узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган фаол ходимлар навбатма-навбат тарихий шаҳарларга саёҳатга юборилди. Ходимлар саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, улар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ходимлар томонидан йўлланган мурожаатлар ҳам касаба уюшма томонидан ижобий ҳал этилди. Умуман олганда, ҳар бир амалга оширилган ҳаракат ходимларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Музокаралар давомида сўзга чиққан делегатлар касаба уюшма қўмитаси томонидан ишчи-ходимлар манфаати йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ижобий фикр билдириб, уюшма фаолиятига юқори баҳо бердилар. Шунингдек, делегатлар тафтиш комиссияси ҳисоботини бир овоздан қониқарли, деб баҳоладилар.
Шундан сўнг, Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали бошланғич касаба уюшма ташкилоти раислигига номзодлар кўрсатилди. Яширин овоз бериш орқали ушбу лавозимга Ферузахон Ваҳобова қайта сайланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгашининг ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар ва касаба уюшма қўмитаси аъзолари ҳам сайланди.
Ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев, вилоят кенгаши раиси ўринбосари Аброр Отабоев, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Турсунали Каримов ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова иштирок этдилар.