08.04.2025. Жорий йилнинг 7 апрель куни “Ҳамшира–2025” кўрик-танловининг вилоят босқичига йўлланма олган 19 нафар иштирокчи ўртасида танловнинг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ҳамширалар ўртасида тушунтириш, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган ҳамшираларнинг касбий билим ва малакаларини ошириб бориш, меҳнатда ютуқларга эришиб келаётганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар фаолиятини оммалаштириш, ўз касбининг моҳир эгалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида, 2025 йил 9 январдаги Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1-сон, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг 17-06 “С” сон, ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциациясининг 1-сон қўшма қарори ижросини таъминлаш асосида, Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилояти Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Ҳамширалар Ассоциацияси Андижон вилояти бўлими ҳамкорлигида танлов ташкил этилди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танловда ҳудудлар миқёсида сараланган 19 нафар ҳамшира клиник имтиҳонлар, амалий билимлар, ижтимоий-сиёсий саводхонлик ва тезкор савол-жавоблар асосида синовдан ўтди.
Танлов якунларига кўра:
-
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ҳамшираси Ҳамидова Гавҳарой Тоҳиржон қизи — 1-ўрин,
-
Андижон вилоят Травматология-ортопедия шифохонаси ҳамшираси Эсонова Иродахон Усмон қизи — 2-ўрин,
-
Республика Тез тиббий ёрдам илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиали ҳамшираси Холбоева Садоқат Мамасобир қизи — 3-ўринни эгаллади.
Ғолиблар ва иштирокчилар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилояти Кенгаши ҳамда Ҳамширалар Ассоциациясининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Қизғин баҳсларга бой бўлган кўрик-танлов иштирокчилари учун байрамона куй-қўшиқлар намойиш этилди ва тадбир кўтаринки руҳда ўтказилди.