09.04.2025. 7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят Кенгаши томонидан “Саломатлик сари” юриш марафони ўтказилди.
Марафонда корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ёш ходимлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этдилар. Маълумот учун шуни айтиш керакки, вилоятда 405 минг 694 нафар касаба уюшма аъзоларини бирлаштирган 2540 та бошланғич ташкилот фаолият олиб боради. Касаба уюшма аъзоларининг 151 минг нафарини ёшлар ташкил этади.
Марафоннинг очилиш маросимида Кенгаш раиси Гулсара Қурбанбаева сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, аввало, спорт ва жисмоний ҳаракатни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилмоқда. Аҳолининг оммавий спорт машғулотлари билан шуғулланиши учун қулай ва зарур шароит яратиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Соғлом турмуш тарзининг асосий шартларидан бири жисмоний фаолликдир. Серҳаракатлик организмни табиий равишда рағбатлантириб туради. Шунинг учун серғайрат, тиниб-тинчимайдиган одамлар доимо тетик, бардам, кексайганларида ҳам бақувват ва шижоатли бўладилар.
Тадқиқотларга кўра, ҳар куни 5000 қадам юриш соғлом турмуш тарзига эришиш учун етарли бўлиши мумкин. Бу жисмоний фаолликнинг энг юқори самарали шакли, чунки у одамни стресслардан озод қилади ва мукаммал равишда юрак-қон айланиш тизимини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, юриш ишлашга ва кундалик ҳаётни фаол олиб боришга руҳлантиради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликка ундаш мақсадида мунтазам равишда спорт мусобақалари, акциялар, ходимлар гимнастикаси ўтказиб келинмоқда. Бошланғич касаба уюшмалари ходимлар спорт билан шуғулланишлари учун зарур спорт жиҳозлари билан таъминланган.
Юриш марафони Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят Кенгаши ижроия қўмитасининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” ижросини таъминлашга кўмаклашиш тўғрисидаги қарорига асосан, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни зарарли одатлардан асраш мақсадида ташкил қилинган тадбирлардан бири десак, муболаға бўлмайди.
Бахтиёр Исмаилов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят Кенгаши раиси маслаҳатчиси