11.04.2025. Жорий йилнинг 10 апрель куни Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги” ҳамда 7 апрель — Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш куни муносабати билан оммавий спорт тадбири ташкил этилди.
“Саломатлик сари” шиори остида ўтказилган мазкур юриш марафони Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Вилоят спорт бошқармаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан амалга оширилди.
Марафонда 420 нафардан зиёд иштирокчи — касаба уюшмалари вакиллари, турли корхона-ташкилот ходимлари, спорт фахрийлари ҳамда ёшлар қатнашди. Иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғидан юришни бошлаб, Самарқанд кинотеатригача бордилар. Марафон якунлангач, майдонда жисмоний машқлар ва гимнастика ҳаракатлари амалга оширилди.
Айни шу тадбирлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ҳам давом эттирилмоқда.
Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари кенгаши, Вилоят спорт бошқармаси ва Шахмат федерацияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон касаба уюшмалари кубоги”нинг туман босқичи ташкил қилинди.
Бундан ташқари, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда “Беш ташаббус олимпиядаси” доирасида туман ва шаҳарларда оммавий спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Акбар Абдусаидов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгаши раиси ўринбосари