14.04.2025. Азалдан ўзбек хотин-қизларининг кийим жавонини хон-атлас ва адрасларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Уларнинг бетакрор кўриниши, ранглари ва нақшлари кўзни қувнатиб, ҳар қандай фаслда ҳам баҳорий кайфият улашади.
Ўзбек миллий либосларига муҳаббат уйғотиш, замонавий кийинишда ўзбекона шарм-ҳаё меъёрларини тарғиб этиш, миллий маданиятни юксалтириш ҳамда оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида “Аёл — қадриятлар давомчиси” мавзусида маросим ва урф-одатлар тақдимот танлови ташкил этилди. Бугун ушбу танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебо Саидова, Республика Маънавият ва маърифат маркази Экспертлар комиссияси аъзоси Жамила Шермухамедова ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидовлар иштирок этдилар.
Тадбирда Самарқанд шаҳри ва туманларнинг олис маҳаллаларидан келган жамоалар “Ватанга муҳаббат — энг муқаддас туйғу”, “Оналар — миллат тарбиячиси”, “Миллий маросим ва урф-одатлар”, ҳамда болалар миллий халқ ўйинлари бўйича чиқишларини намоиш этдилар.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар чиқишларини адолат ва шаффофлик тамойили асосида баҳолади. 1-ўринни Булунғур тумани, 2-ўринни Иштихон тумани, 3-ўринни Самарқанд тумани жамоалари эгалладилар.
Ғолибларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан Хоразм вилоятига ташкил этиладиган уч кунлик саёҳатда иштирок этиш учун сертификатлар топширилди.