15.04.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” учун шахмат мусобақасининг Навоий вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раиси Назира Тоғаева сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мазкур жараёнларда касаба уюшмаларининг ҳам фаол иштирок этаётгани, хусусан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида турли спорт мусобақалари ҳам ўтказиб келинаётганини қайд этди ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Беллашувлар Халқаро шахмат федерациясининг амалдаги қоидалари асосида, рапид йўналишида аёллар ва эркаклар ўртасида ўтказилди. Ҳар бир мусобақа 7 турда швейцарча тизимда бўлиб ўтди. Иштирокчиларга ўйин охирига қадар 10 дақиқа вақт берилди, биринчи юришдан бошлаб ҳар юришга 2 сониядан вақт қўшиб борилди.
Мусобақанинг ҳал қилувчи, якуний босқичида шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 44 нафар интеллектуал салоҳият эгалари Республика босқичига йўлланма учун дона суришди. Ҳар бир юриш, ҳар бир қарор шахматнинг ақл ва матонат майдони эканлигини яна бир бор кўрсатди.
Қизғин тарзда ўтказилган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, эркаклар ўртасида “Навоийазот” АЖ ходими Аббос Ахтамов биринчи, Учқудуқ туман ИИБ кадрлар гуруҳи инспектори Бахтиёр Султонов иккинчи, “Қизилқумцемент” АЖ ходими Руслан Джаббаров учинчи ўринни эгаллади.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса Навоий вилояти фтизиатрия ва пулъмонология маркази кичик тиббиёт ходими Феруза Сатторова ғолибликни қўлга киритди. Навбаҳор туманидаги 5-сонли мактаб ўкитувчиси Олима Каримова иккинчи, Қизилтепалик Дилбар Салимова учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Энг яхши натижани қайд этган иштирокчилар Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмага эга бўлдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати