16.04.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан ва “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” олдидан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд филиалида соҳада фаолият олиб бораётган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда электр соҳасида ходимларнинг иш жараёнларида ишлар хавфсиз ва соғлом шартларда бажарилиши мақсадида фойдаланилаётган махсус кийим, пойафзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари кўргазмаси ташкил этилди.
Семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишида олиб борилаётган ишлар, иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши лозимлиги, ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилганлиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтишди.
Ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишдаги самарали фаолияти учун бир қатор муҳандис-техника ходимлари ва масъул шахслар касаба уюшмалари томонидан совғалар билан тақдирланди.