17.04.2025. 2023 йил август ойидан Бағдод туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона мажмуасида реконструкция ишлари бошланиши муносабати билан бўлимлар фаолияти тўхтатилган эди. Шу сабабли, туғруқ бўлимида фаолият юритаётган 60 нафардан зиёд ишчи-ходим иш ҳақисиз қолди.
Ойлик маошдан маҳрум бўлган ходимлар ҳуқуқий ёрдам сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилдилар.
Мурожаат асосида Бағдод туман тиббиёт бирлашмасида ўрганиш ишлари олиб борилди. Текширувлар натижасида маълум бўлишича, туғруқ бўлимидаги реконструкция сабабли иш тўхтаб қолганига қарамасдан, ходимларга қарийб 5 ой мобайнида иш ҳақи тўланмаган.
Меҳнат кодексининг 266-моддаси, 1-қисмига кўра, иш берувчининг айби билан иш вақтинча тўхтатилган тақдирда, ходимга ўртача иш ҳақи миқдорида тўлов тўланиши белгиланган.
Аммо амалиётда бу талаб бажарилмаган. Шу муносабат билан иш суд муҳокамасига олиб чиқилди.
Суд қарорига асосан, 60 нафар ходимга 2024 йил 17 августдан 2025 йил январ ойигача бўлган бекор туриб қолган давр учун жами 300 миллион сўмга яқин иш ҳақи тўлаб берилиши белгиланди.
Зафаржон Қурбонов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори