[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

17.04.2025. “Farg‘onaazot” АЖ корхонаси – Ўзбекистонда фаолият юритаётган кимё соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчи заводлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу корхонада 6 мингга яқин юртдошимиз меҳнат қилмоқда. Айни вақтда корхонада тузилган амалдаги жамоа шартномаси орқали ходимлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.

Куни кеча “Farg‘onaazot” АЖ касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда “Farg‘onaazot” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Умидилло Миллабаев, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари Иброҳим Исоқов, Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Шуҳратилла Рихсибоев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Фарғона вилояти кенгаши раиси ўринбосари Лола Аҳмедова, меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Турсунали Каримов ҳамда ишлаб чиқариш цехларидан сайланган 80 нафар делегат иштирок этдилар.

Конференцияда ташкилотнинг 2020–2025 йиллар давомидаги 5 йиллик фаолияти юзасидан иш берувчи, касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари тингланди.

Маърузалар якунлангач, делегатлар томонидан муҳокама ўтказилиб, ташкилотнинг ҳисобот давридаги фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди. Шунингдек, тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.

Кун тартибидаги ташкилий масалага кўра, яширин овоз бериш йўли билан, муқобиллик асосида, “Farg‘onaazot” АЖ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси лавозимига Абдувохидов Илҳом Раҳимович кўпчилик овоз билан қайта сайланди. Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитасининг таркиби, тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда юқори ташкилотларнинг конференция ва қурултойларига делегатлар сайланди.

Конференция якунида корхонага ташриф буюрган меҳмонлар томонидан “Farg‘onaazot” АЖ касаба уюшмаси ташкилоти ҳисобот-сайлов конференцияси Низом талабларига мувофиқ юқори савияда ўтказилгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар, жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги нишонланишига доир маълумотлар тақдим этилди.

Тадбир якунида ходимлар масъул шахсларга ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, тегишли жавобларни олдилар.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси