[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

17.04.2025. Ёшлик — инсон умрининг орзу-мақсадларга, интилишларга қанот бўлгувчи, истиқбол остонасидир. Инсоннинг имкониятлари жуда кенг. Шу боис, бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар сиёсати устувор йўналишлардан бирига айланган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан биз, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишимиз, малакали кадрлар сифатида шаклланишимиз, касб-ҳунар ўрганишимиз, илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланиб, ўз салоҳиятимизни тўлиқ рўёбга чиқаришимиз учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Таълим олиш ҳар бир ёшнинг келажакдаги муваффақиятига қўйилган муҳим пойдевордир. Бу йўналишда давлатимиз томонидан кўплаб грантлар, стипендиялар ва ижтимоий имтиёзлар жорий қилинмоқда. Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган стипендиялар ёшларнинг таълим жараёнларидаги молиявий қийинчиликларини енгиллаштиришга, билим олишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Бу эса ёшларда ишонч ва шижоат уйғотиб, уларнинг келажакларини мустаҳкам пойдевор асосида қуришларига туртки бўлмоқда.

Мен, Эшонқулова Мадина Юсуп қизи, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультети “Хорижий тил ва адабиёти” фан йўналиши 4-босқич талабаси сифатида жорий йилнинг январ ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан ташкил этилган танловда иштирок этиб, стипендия совриндори бўлдим.

Бу стипендия нафақат мен учун, балки билим олишга интилаётган, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган бошқа ёшлар учун ҳам катта рағбат бўлди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан яратилаётган имкониятлар нафақат ёшларнинг илмий салоҳиятли бўлиб етишиши, балки келажакда танлаган соҳасида етук мутахассис сифатида фаолият олиб бориши учун ҳам катта туртки бўлмоқда.

Ўзбегимнинг энг бахтли ёшларидан бири сифатида фахр ва ифтихор туйғуси билан шуни айта оламанки, менга билдирилган ишончни оқлаш учун ушбу имкониятдан самарали фойдаланиб, бор билим ва салоҳиятимни ишга солган ҳолда Ватаним равнақига муносиб ҳисса қўшиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан.

Менга ва мен қатори кўплаб талаба ёшларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам юртбошимизга ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Эшонқулова Мадина 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси