25.04.2025. Жорий йилнинг 22–23 апрель кунлари Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида яна бир эзгу ташаббус амалга оширилди. “Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги” доирасида тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 100 нафар педагог-ишчи ходимлар, ёшлар ҳамда фахрийлар иштирокида Самарқанд шаҳрига уюштирилган саёҳат барча учун унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Ташкил этилган ушбу саёҳат иштирокчилар учун нафақат маданий-маърифий аҳамиятга эга бўлди, балки уларга кўтаринки кайфият, илҳом ва бирлик туйғусини ҳам улашди. Саёҳат дастуридан ўрин олган экскурсиялар орқали иштирокчилар кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг тарихий ва диққатга сазовор масканлари — Регистон майдони, Шоҳизинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди ва бошқа бир қатор муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди.
Айниқса, узоқ йиллар давомида таълим тизимида фаол меҳнат қилган, касаба уюшмаси тармоғида самарали хизмат кўрсатган, бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларимиз учун мазкур саёҳат катта ҳурмат-эътибор намунаси сифатида баҳоланди. Улар мазкур тадбирни ташкил этганларга самимий миннатдорчилик билдиришди.
— Бундай эътибор биз нафақадаги фахрийлар учун жуда қиммат. Умримизнинг катта қисмини таълим соҳасига бағишлаганмиз. Бу каби тадбирлар бизда янада қувонч ва фахр туйғусини уйғотади, — дейди тадбир иштирокчиларидан бири.
Шу каби тадбирлар фақатгина кўнгилочар мақсадда ташкил этилмаяпти. Уларнинг замирида касаба уюшмаларининг фаол аъзоларини рағбатлантириш, ёш мутахассислар ўртасида бирдамликни кучайтириш ва маънавий юксалишни таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан олиб борилаётган бундай ижобий ташаббуслар соҳа ходимларининг ишга бўлган муносабатини янада мустаҳкамлаб, касбга садоқатни оширади.
Кўҳна Самарқандга уюштирилган ушбу саёҳат барча иштирокчиларда фақат ижобий таассурот қолдирди. Улар нафақат юртимиз тарихини яна бир бор чуқурроқ англашга муваффақ бўлишди, балки ўзаро мулоқот, дўстона муҳит ва яхши кайфият туйғусини ҳам ҳис қилишди.
И. Ходжаев
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташкилий ишлар бўйича мутахассиси