28.04.2025. Мамлакатимизда сўнгги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари асосида ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги белгиланган вазифаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ана шундай лойиҳалар доирасидаги тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилоят Кенгаши томонидан Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилди. Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 28 апрель “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, иш берувчилар томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш мақсадида ташкил этилган “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусидаги амалий семинарда касаба уюшма фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари иштирок этдилар.
Амалий семинар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Федерациянинг Тошкент вилоят кенгаши мутасаддилари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Олмалиқ кон-металлургия комбинати АЖнинг меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бўйича мутахассислари “Инновацион технологияларни жорий этиш орқали меҳнатни муҳофаза қилиш шароитларини яхшилаш”, “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар” мавзуларида сўзга чиқиб, иштирокчиларга мавзуга оид муҳим маълумот ва таҳлилларни тақдим этдилар.
Тадбир доирасида вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўртасида ўтказилган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” юзасидан Республика кўрик-танлови ҳамда “Электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти” тармоқ кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Вилоят босқичида иштирок этган Таълим ва фан, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари, Маданият ва спорт, туризмни ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш, Агросаноат мажмуи, Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ҳамда Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрия ходимлари касаба уюшмаси тармоқларидан 81 нафар иштирокчи орасидан “Энг яхши ташкилот”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациялари бўйича 59 нафар ғолиб аниқланиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, меҳнат жамоаларида электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга йўналтирилган ишларни фаоллаштириш ҳамда энергия тежаш бўйича тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, маҳсулот, ишлар, хизматларнинг энергия сиғимини камайтириш учун электр энергиясини ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ва улардан самарали фойдаланиш борасидаги ҳаракатлари учун “Электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларни тежаш бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тармоқ кўрик танлови”нинг вилоят босқичида ғолиб бўлган учта ташкилот тақдирланди.
Тадбир доирасида тармоқ касаба уюшмалари билан биргаликда вилоятдаги ишлаб чиқарувчи корхона-ташкилот ва муассасалар томонидан меҳнат муҳофазасига доир кўргазмалар ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати