02.05.2025. 28 апрель — “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан “Меҳнат муҳофазаси ҳафталиги” доирасида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида семинарлар, кўрик-танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, Республика кенгаши ва “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ХК касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида семинар ўтказилди. Унда касаба уюшмаси фаолияти ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари юзасидан маълумот ва тавсиялар берилди. Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Шуҳратилла Рихсибоев ва қўмита раиси Диёр Алимов, шунингдек жамоатчилик вакиллари, ёнғин хавфсизлиги, саноат хавфсизлиги мутахассислари иштирок этиб, мавзу юзасидан маърузалар билан чиқиш қилишди ва тажриба алмашишди.
Тадбир якунида меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантиришдаги катта ҳиссаси учун бир қатор ходимлар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Айни пайтда “Навоийазот” АЖ корхонасида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўлимида 27 нафар мутахассис фаолият юритмоқда. Улар ходимларни шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш билан бирга, тарғибот тадбирлари орқали ишчиларнинг хушёрлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.
Касб фидойиларининг меҳнати муносиб эътироф этилиб, жамият касаба уюшмаси қўмитаси раиси Феруза Файзиева томонидан уларга эсдалик совғалари топширилди.
“Махам-Chirchiq” АЖда ҳам “Меҳнат муҳофазаси ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар самарали ташкил этилди. Мазкур корхонадаги тадбирларда “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида махсус флаерлар тайёрланиб, корхона ҳудудига кириш жойларида тарқатилди. Шунингдек, видеороликлар катта экранлар орқали намойиш этилди.
Тадбирда касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.М. Абдуллаев, ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Х.Н. Юлдашев, цех раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари ўз маърузаларида меҳнат муҳофазаси борасидаги ишлар ҳақида сўз юритдилар. Тадбир давомида фаол ходимларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Меҳнат муҳофазасига оид муаммолар ва ечимлар юзасидан фикр алмашилди. Маданият саройи ижодий жамоасининг чиқишлари тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
“Qizilqum Fosforit Kompleksi” МЧЖда эса меҳнат муҳофазаси бўйича “Энг яхши вакил” ва “Энг яхши ходим” танловлари ташкил этилди. Иштирокчилар билимлари бўйича тест синовларидан ўтказилди. Ғолиблар корхона раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тақдирландилар.
Тармоқдаги бошқа корхоналарда ҳам “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси