07.05.2025. 2025 йил 7 май куни “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки раҳбариятининг катта мажлислар залида “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва банк раҳбарияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда қатор мутахассислар ва мутасаддилар иштирок этди:
-
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Гаибназарова Нодира Баходиржановна;
-
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари Ш. Рахмонов ва И. Хазратқулов;
-
Банкнинг Ахборот хизмати бошлиғи ҳамда Инсон ресурсларини бошқариш департаменти директори А. Азимов;
-
“Бизнесни ривожлантириш банки” ходимлари ва Zoom орқали қўшилган ҳудудий филиаллар вакиллари.
Жами 400 дан ортиқ иштирокчи иштирок этган тадбирда меҳнат хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик назоратининг ўрни, иш жойларида замонавий технологиялардан, жумладан, сунъий интеллект ва рақамлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида меҳнат муҳофазаси соҳасидаги янгиликлар, халқаро тажриба ва миллий амалиётлар ўртасидаги уйғунлик ҳақида фикр алмашилди ҳамда тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати