[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

08.05.2025. Хоразмлик ходимлар “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида пойтахтга бордилар

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда Республика кенгашининг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ва Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида Тошкент шаҳрига 2 кунлик саёҳат ташкил этилди.

Ушбу саёҳатда яқинда тармоқ тизимига қўшилган Хоразм вилоятида фаолият юритаётган “Jayxun Invest” МЧЖ корхонаси ходимлари иштирок этдилар.

Саёҳат доирасида меҳмонлар Ҳазрати Имом мажмуаси, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ғалаба боғи ва “Шон-шараф” музейи, “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейларига ташриф буюрдилар. Ҳар бир манзилда Тошкент шаҳрининг тарихий мероси билан яқиндан танишиб, ўз билимларини янада мустаҳкамладилар.

Шунингдек, иштирокчилар пойтахтимизда амалга оширилаётган қурилишлар, янгиланишлар билан танишиш имкониятига эга бўлишди. “Таshкеnt City” мажмуаси ҳамда “Маgic City” оилавий кўнгилочар боғига ташрифлар ҳам уларда илиқ таассурот қолдирди.

— Биз корхонамиз касаба уюшмаси аъзолари билан икки кун мобайнида Тошкент шаҳри бўйлаб мароқли саёҳат қилдик. Корхонамизда касаба уюшмасининг бошланғич ташкилоти тузилганидан жуда мамнунмиз, — дейди корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Гулноза Кутлимуратова. — Республика кенгаши ходимлари томонидан фаолиятимизга доимий амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазмунли саёҳат учун Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимжонова ва барча мутахассисларга самимий миннатдорчилик билдирамиз.

“Jayxun Invest” корхонаси ходимлари ушбу саёҳатдан катта илҳом ва унутилмас таассуротлар билан қайтдилар.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси