[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

08.05.2025. 2025 йил 7 май куни Самарқанд шаҳридаги Ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан соғломлаштирувчи спорт мусобақаси ташкил этилди.

Тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши, вилоят спорт бошқармаси ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.

Мусобақада вилоятда турли соҳаларда фаолият юритиб, ҳозирда нафақада бўлган 78 нафар фахрий иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов сўзга чиқиб, нуронийлар ва фахрийларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида гапирди. Шунингдек, у касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди ҳамда мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси ўринбосари Донақул Тошбоев ҳам тадбир қатнашчиларини байрам билан табриклаб, Хотира ва қадрлаш халқимизнинг қадимий анъаналари эканини таъкидлади. У жангларда жонини фидо қилган боболар, қийинчиликларни енгган оналаримиз хотирасини ёд этиш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш мустақиллик йилларида янги мазмун касб этганини қайд этди. Шунингдек, у мусобақада иштирок этаётган барча фахрийлар ғолиб эканлигини таъкидлаб, яна бир бор байрам билан табриклади.

Ушбу тадбирда энг ёши катта иштирокчи сифатида Каттақўрғон туманидаги Мўминхўжа маҳалласида яшовчи 91 ёшли Мурод бобо Сайпиев ва Самарқанд шаҳридаги Илмобод маҳалласида истиқомат қилувчи 88 ёшли Хамида Каримова қатнашди.

Соғломлаштирувчи спорт мусобақасида ғолиб бўлган иштирокчиларга эсдалик совғалари ҳамда 10 нафар фахрийга Тошкент шаҳрига 2 кунлик бепул саёҳат сертификатлари топширилди.