[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

11.05.2025. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирларда ҳам меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатилиб, улар ҳолидан хабар олинди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, шунингдек, ўтганлар хотирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни арафасида бир қатор хотира турнирлари ҳам ўтказилди.

Хусусан Қумқўрғон агротехнологиялар техникумида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерaциясининг Сурхондарё вилояти кенгаши ҳамда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сурхондарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси ҳамкорлигида вилоят касаба уюшмалари тизимига раҳбарлик қилган марҳум Анвар Астанақулов хотирасига бағишлаб аграр соҳада меҳнат қилаётган аёллар ўртасида стол тенниси бўйича хотира турнири ўтказилди.

Термиз шаҳридаги 26 мактабда Федерациясининг вилоят Кенгаши ҳамда Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Сурхондарё вилоят бирлашган қўмитаси ҳамкорликда вилоят касаба уюшмалари фидойиси Тилло Менглиев хотирасига бағишлаб аёллар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Сурхондарё вилоят бирлашган қўмитаси ҳамкорлигида “Ассон” меҳмонхонасида ташкил этилган шахмат мусобақалари вилоят касаба уюшмалари бирлашмасида кўп йиллар раислик қилган марҳум Хумойиддин Шарофиддинов хотирасига бағишланди. Мазку мусобақаларда тизимидаги ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар иштирок этдилар.

Бундан ташқари Термиз шаҳридаги “Алпомиш” ўйингоҳида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Сурхондарё  вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда бир гуруҳ спорт фидойилари, тиббиёт соҳаси ходимлари иштирокида тиббиёт фанлари доктори Қувондиқ Мадартов хотирасига бағишланган теннис мусобақалари, “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Сурхондарё вилоят кенгаши ҳамкорлигида  давлат арбоби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг собиқ раиси Бўри Алламуродов хотирасига бағишланган шахмат турнири, “Сурхон Арена”да Федерaциянинг Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан спорт фидойиси, касаба уюшмалари меҳнат фахрийси Мусурмонқул Оноров хотирасига бағишланган футбол бўйича хотира турнири ташкил этилди.

Ўтказилган барча хотира турнирлари кўтаринки руҳда ва қизғин баҳсларга бой бўлди. Мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари I, II, III даражали диплом ва медаллар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати