[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

12.05.2025. Фароғат Сапарова 1996 йилдан бери Хоразм вилояти сил касалликлари санаторийсида фаолият юритиб келмоқда. Тиришқоқ ва масъулиятли ҳамшира иш бошлаган илк кунлариданоқ жамоа ишончини қозонган. 2011 йилда ТТА Урганч филиалини олий маълумотли ҳамшира йўналишида тамомлаб, малакасини мустаҳкамлади. 2013 йилда эса у санаторий бош ҳамшираси лавозимига тайинланди. 2017 йилда Фароғатга яна бир ишончли вазифа юкланди — уни бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси қилиб сайлашди.

Бугунги кунда у 150 дан ортиқ ҳамкасбининг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Шахсий ҳаётда эса ёлғиз она сифатида икки фарзанд тарбияси билан шуғулланмоқда. Уй учун тўловлар ва тиббиёт университетида ўқиётган ўғлининг контракт харажатлари оғирчилик қилса-да, куй-қўшиққа ошуфта қалби уни келажакка ишонч билан етаклайди.

Фароғат Сапарова касаба уюшмалари томонидан ўтказилган турли танловларда фаол иштирок этиб, вилоят ва республика босқичларида кўп маротаба ғолибликни қўлга киритган. Энг муҳими — ҳамкасблари уни қўллаб-қувватлайди ва ҳурмат қилади. Шу боис яқинда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишида ҳам унга яна ишонч билдирилди.

Қизиғи шундаки, 30 йиллик меҳнат фаолияти давомида Фароғат ҳали бирор марта ҳам санаторийда дам олмаган экан.

Бу йил 12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан, “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” давлат дастури доирасида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши ташаббуси билан вилоятдаги 4 нафар фаол ҳамширага Федерация тасарруфидаги санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилди.

Бепул йўлланма олганлар қуйидагилар:

  • Фароғат Сапарова — Хоразм вилояти сил касалликлари санаторийси бош ҳамшираси;

  • Гуласал Аллаберганова — Тупроққалъа туман тиббиёт бирлашмаси ходими;

  • Малоҳат Рўзимова — Шовот туман тиббиёт бирлашмаси умумий жарроҳлик бўлими ҳамшираси;

  • Гулноза Раҳимова — Хива шаҳар тиббиёт бирлашмаси реабилитация бўлими ҳамшираси.

Тадбирда сўз олган Хоразм вилоят касаба уюшмалари кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева касаба уюшмаларининг аъзолар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлари, санаторийларда яратилаётган қулайликлар ва келгусида яна ўнлаб аъзоларга бепул йўлланма тақдим этилиши ҳақида маълумот берди.

Дилноза Саидназарова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши ижтимоий суғурта бўлими етакчи мутахассиси