14.05.2025. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2025 йил 13 февраль куни ўтказилган олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Сув спорти Федерацияси ҳамкорлигида жорий йилнинг 15-17 май кунлари мамлакатимизда илк бора Синхрон сузиш бўйича “Сув париси” 1-чи очиқ Марказий Осиё Чемпионати ўтказилмоқда.
Юксак даража ва юқори савияда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг “Сув спорти саройи”да ташкил этилаётган халқаро мусобақаларда Россия, Беларусь Республикаси, Болгария, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон каби ҳорижий давлатлар спортчилари иштирок этадилар.
Тошкент шаҳрида тантанали равишда кутиб олинган халқаро мусобақалар иштирокчилари Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Чинобод плаза”, “Чинобод” ва “Турон” санарорийларига жойлаштирилди. Ушбу сиҳатгоҳларда уларнинг дам олиб, мусобақаларга юксак даражада тайёргарлик кўришлари учун барча зарур шарт-шароитлар ва қулайликлар яратиб берилди.
Синхрон сузиш бўйича “Сув париси” 1-чи очиқ Марказий Осиё Чемпионати иштирокчилари дастлаб “Янги Ўзбекистон боғи”да бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйдилар.
Янги Ўзбекистон мажмуаси билан танишув жараёнларида ҳорижий мамлакатлардан келган делегациялар вакиллари бўлган спорчи ёшларга сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуслари билан инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари, шу жумладан, юртимизда оммавий ва профессионал спортни ривожлантириш, замонавий спорт иншоотларини барпо этиш, бунинг учун зарур тузилмаларни шакллантириш йўналишларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар етказилди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳри бўйлаб ташкил этилган саёҳатлар давомида меҳмонлар сўнгги йилларда пойтахтимизда барпо этилган замонавий иншоотлар ва диққатга сазовор масканлар билан яқиндан таништирилди.
U12, U15 ва Катталар ёш тоифаларидаги спортчилар ўртасида бўлиб ўтадиган Синхрон сузиш бўйича “Сув париси” 1-чи очиқ Марказий Осиё Чемпионатида Ўзбекистон, Россия, Болгария, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларусь Республикаси ва Қозоғистон ва каби давлатлардан 200 нафарга яқин спортчи 186 та медаль жамғармаси учун баҳс олиб боради.
Ушбу чемпионатда Ўзбекистон шарафини 66 нафар спортчи ҳимоя қилади.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари