16.05.2025. 2025 йил 16 май куни Бухоро шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши томонидан иккинчи бор анъанавий тарзда ташкил этилган “Гуллар фестивали” юқори савияда ва кенг кўламда ўтказилди. Фестиваль Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган 2025 йилда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасидаги муҳим ижтимоий-экологик тадбирлардан бирига айланди.
Аввалги йилларга нисбатан бу йилги фестиваль анча кенг кўламда ташкил этилди. Унда 1000 нафарга яқин гулчиликка қизиқувчи касаба уюшма фаоллари, фермер хўжаликлари ва мутахассислар, ҳаваскор гулпарварлар, селекционерлар ҳамда гулчилик соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар иштирок этди. Бу йил илк бор гулчилик соҳасидаги мутахассислар ва селекционерлар учун алоҳида майдон ажратилиб, уларнинг тажриба ва ютуқлари кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Фестиваль карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда бошланди ва уни Касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси М. Олимов очиқ деб эълон қилди. Иштирокчилар учун вилоятимизнинг машҳур фолклор жамоалари томонидан концерт дастурлари намойиш этилди ҳамда анъанавий ош сайли ташкил этилди.
Фестиваль доирасида гул композициялари ва гулчилик технологияларига бағишланган танловлар ўтказилди. Иштирокчилар гул турларининг хилма-хиллиги ва ноёблиги, композиция сифати, визуал кўриниши, техник ижро, гулларни парваришлаш технологияси ва маълумот тақдимоти каби мезонлар асосида баҳоланди. Ғолиблар “Энг яхши гулчи технолог”, “Энг яхши гулчилик мактаби гулчиси”, “Энг фаол бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти”, “Энг чиройли декорация”, “Гуллар фестивалини ОАВ орқали ёритишдаги ҳамкорлик учун” каби номинациялар бўйича тақдирландилар.
Шунингдек, фестивалда дунё гулларига оид қизиқарли маълумотлар ҳам тақдим этилди. Маълум бўлишича, Ер юзида 450 мингдан ортиқ гул турлари мавжуд. Айрим гуллар 150 йилдан сўнг гуллайди, баъзилари эса ўз рангини вақт ўтиши билан ўзгартириб туради. Атиргулнинг 50 мингдан зиёд тури мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ёввойи наъматакдан келиб чиққан.
“Гуллар фестивали” “Яшил макон” лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, гулчилик маданиятини оммалаштириш, табиатга эҳтиром, меҳнат ва ижод уйғунлигини тарғиб этиш мақсадида ўтказилди. Иккинчи бор ўтказилаётган ушбу фестивал энди анъанага айланиб, ҳар йили янада кенг кўламда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.