[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

21.05.2025. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Сирдарё вилояти кенгашига 2024 йил 10 декабрь куни Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий филиалида ишловчи 15 нафар ходим томонидан мурожаат қилинди. Улар иш берувчи томонидан иш ҳақидан асоссиз равишда ушлаб қолинган маблағларни ходимлар ҳисобларига қайта ундиришда амалий ёрдам сўрадилар.

Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш жараёнида аниқланишича, 2024 йил октябрь ойида Сирдарё вилояти прокуратурасининг сўровига асосан Давлат тиббий суғурта жамғармаси ички аудит хизмати вилоят ҳудудий бош мутахассиси томонидан филиалда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текширув ўтказилган. Текширув якунида расмийлаштирилган маълумотномада, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг ҳисобланиши ва тўланишини қонунийлигини ўрганиш жараёнида, ходимларга навбатчиликнинг 18:00 дан 22:00 гача бўлган вақт учун “кечки смена” ёки “кечки вақт” сифатида тўланган 30 фоизли қўшимча тўлов натижасида ортиқча пул маблағлари тўлангани таъкидланган.

Шу асосда иш берувчи томонидан юқоридаги 15 нафар ходимнинг иш ҳақидан Меҳнат кодексининг 269-моддаси талабларига зид равишда — яъни ходимларнинг розилигисиз — ушлаб қолиш амалиётига йўл қўйилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори А. Албеков томонидан 2025 йил 3 феврал куни ходимлар манфаатида ФИБ Гулистон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Бироқ, суд ушбу даъвони қаноатлантиришни рад этди. Шундан сўнг А. Албеков томонидан Сирдарё вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатига шикоят аризаси берилди.

Апелляция суди мазкур ишни кўриб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди ва 15 нафар ходимдан асоссиз равишда ушлаб қолинган 42 562 579 сўм миқдоридаги пул маблағини уларнинг ҳисобларига қайтариш тўғрисида ажрим чиқарди.

Ҳозирги кунда мазкур маблағ ходимлар ҳисобларига тўлиқ ўтказилди.